Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистондаги мактабларда бу йил 10 мингдан ортиқ ўрта мактабнинг 632 946 нафар ўқувчиси 9-синфни, 451 073 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлади. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари давомида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ходимлари мактаблар атрофида назорат олиб борди.
Улар ота-оналардан вояга етмаган, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларига автомобиль бошқаришга рухсат бермасликларини сўради. Бу ҳақда аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида ҳам гапириб, вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида ҳар ойда 10−15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётганини маълум қилганди. У ички ишлар бошлиқлари, вилоят, туман прокурорлари қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётганини кўрсатиб ўтди.
24 май, шанба куни эрта тонгда мактабларда битирув тадбири давом этар экан 10 минг нафардан ортиқ ЙПХ ходимлари барча мактаблар атрофида назоратни кучайтиргани акс этган видеоларни ЙҲХХ ўз саҳифасида улаша бошлади.
ЙПХ ходимлари жойларда мактаб ўқувчиларининг рухсатномасиз машина бошқарган ҳолатларини аниқлади. ЙҲХХ матбуот хизмати хабарига кўра, 14:00 гача республика бўйлаб жами 256 та ҳолат аниқланди. Уларнинг сони кечки соат 20:00 га келиб, 384 тага етди. Уларнинг энг кўпи — 115 таси Тошкент шаҳрида кузатилди. Қоидабузарлар орасида 5-синф ўқувчиси ҳам мавжуд, дея «Газета.uz»га изоҳ берди ташкилот.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида уйидан автомобилни олиб қочиб чиққани айтилган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирига кетаётган 37-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ЙПХ ходимнинг қонуний талабига бўйсунмасдан қочишга уринган. У давлат рақам белгисини тушириб қолдириб йўлида давом этган. Мактаб ўқувчисининг отасига нисбатан чора кўрилди, дейилади хабарда.
Тошкент вилоятида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари давомида 14 та ҳолатда вояга етмаган ўқувчиларнинг иштирокидаги қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги 9-мактаб олдида машина текширилганда, уни ўша мактабнинг 11-синф ўқувчиси ҳайдаб келгани маълум бўлди. Шаҳарнинг яна бир кўчасида ҳам битирувчи ўқувчи бошқариб юрган Nexia-3 автомобили тўхтатилди. Ҳолатлар расмийлаштирилиб, машиналар жарима майдонига қўйилди.
Шунингдек, Хоразм ва Андижон вилоятларида ҳам «Сўнгги қўнғироқ» куни соат 16:00 гача вояга етмаганлар автомобиль бошқаргани билан боғлиқ 15 тадан ҳолат қайд этилди.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида мактаб ҳудуди ёнида Damas ҳайдовчиси ЙПХ ходимидан қочаётгани акс этган видеолар тарқалди.
Маълум бўлишича, 20 ёшли ҳайдовчи мактаб ёнида катта тезликда ҳаракатлангани ва телефондан фойдалангани учун ходим уни тўхтатган. Натижада ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарилган машина жарима майдончасига қўйилиб, автоуловнинг асл эгасига жарима солинган.
«Тармоққа чиққан видеони ЙПХ ходимини обрўсизлантиришга олиб келадиган даражада монтаж қилиб тарқатган шахсни БҲМнинг 50 бараваригача жарима ёки 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси кутмоқда», — дейилади расмий баёнотда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди