Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: Болалар омбудсмани
Оқдарё туманида 21 ёшли аёл етти ойлик фарзандини кўчага ташлаб кетди. Болалар омбудсманига кўра, ҳозирда унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни бормоқда. Чақалоқ тумандаги гўдаклар уйига жойлаштирилди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида 1 ёшга тўлмаган болани онаси кўчага ташлаб кетгани айтилган ҳолат ички ишлар ва прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда, дея хабар берди болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова идораси матбуот хизмати.
Дастлабки маълумотга кўра, Сирдарё вилоятида яшовчи 21 ёшли аёл О.Ж. етти ойлик фарзандини Самарқанднинг Оқдарё туманидаги маҳалла кўчасида ташлаб кетган ва ўзи яширинган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув бошланган. Бола тумандаги гўдаклар учун болалар уйига жойлаштирилиб, зарур бўлган парвариш кўрсатилмоқда.
Болалар омбудсманига кўра, ҳозирда онанинг ўз фарзандига нисбатан содир этган ғайриқонуний ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни бормоқда.
«Ўзининг ота-оналик вазифасини суиистеъмол қилган тарзда фарзандига ғамхўрлик кўрсатмаслик — болага нисбатан зўравонликнинг шакли ҳисобланади. Айрим фуқароларнинг ўз фарзандига нисбатан содир этаётган бундай ҳаракатлари қонун доирасида жавобгарликка асос бўлади. Ҳар бир бола қонун ва давлат ҳимоясидадир», — дея эслатди идора матбуот хизмати.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида туғилганига 4−5 соат бўлган қиз жинсли чақалоқ чиқиндихона яқинига ташлаб кетилгани хабар қилинганди. Уни Ободонлаштириш бошқармаси ходими ўлик, қўл ва оёқлари жароҳатланган ҳолда топган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
