Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фараз қилинг, 50 ёшдаги фуқаросиз. Бир куни эрталаб полиция эшигингизни синдириб, уйингизга бостириб кирди. Сизнинг 13 ёшдаги ўғлингиз қўлларига кишан солиниб, маҳкамага олиб кетилди. Маълум бўлишича, у энг оғир жиноят — одам ўлдирганликда гумонланмоқда. Бу Netflix тақдим этган янги сериал — «Ўтиш даври»нинг (Adolescence) тугуни ҳисобланади.
Сериал 4 қисмдан иборат бўлиб, у нафақат қизиқарли сюжети ва актёрларнинг ижроси, балки ноёб тасвирга олиш усули билан эътиборга лойиқ. Га шундаки 50−60 дақиқа давом этадиган ҳар бир қисм битта узилмас кадрда тасвирга олинган.
Бу жуда ҳам мураккаб ва жуда ҳам қийин усул бўлиб, томошабин ҳамда экран ўртасидаги тўсиқни олиб ташлайди, воқеалар узлуксизлигини ҳис қилиш имконини беради, томошабинни бўлаётган воқеалар ичига шўнғитиб юборади.
Кинорежиссёр Сарвар Каримов «Газета.uz»нинг «Кинотавсия» лойиҳаси доирасида шу тасвирга олиш усули ҳақида батафсил ҳикоя қилди.
Мазкур материални қуйидаги ҳавола орқали видео кўринишида томоша қилиш мумкин:
Бир кадрда тасвирга олиш нима?
Инглизчасига long take деб аталувчи бу усул кинематографиянинг энг қийин ва мураккаб усулларидан бири ҳисобланади. У бутун жамоа: оператор, режиссёр, актёр ва актрисалар, умуман олганда, барчадан жуда катта тайёргарликни талаб этади. Чунки биттагина хато, нотўғри айтилган гап ёки камеранинг сал нотўғри ҳаракати барча меҳнатингизни чиппакка чиқаради.
Фараз қилинг, сиз 90 дақиқали фильмни битта кадрда тасвирга олмоқчисиз. Бирор актёр ёки ижодий жамоадаги кимдир 86-дақиқада хатога йўл қўйса, сизнинг барча ишингиз 0 га тенг бўлади ва фильмни бошидан тасвирга олишга мажбур бўласиз.
Шундай экан, мазкур усул қанчалик мураккаб бўлмасин, фильмга ўзига яраша муҳит ва динамика бахш этади.
Бир кадрда тасвирга олинган фильмларни шартли равишда иккита катта гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга гўёки бир кадрда тасвирга олинган фильмлар киради.
«Арқон»
Long take усулида тасвирга олинган илк тўлиқ метражли фильм Альфред Хичкокнинг «Арқон» триллери ҳисобланади. Картина 1948 йилда тасвирга олинган бўлиб, 90 дақиқа давом этади ва барча воқеалар бир хонадон ичида содир бўлади.
Сюжетга кўра, икки талаба ўзининг учинчи дўстини арқон ёрдамида бўғиб ўлдирганига гувоҳ бўламиз. Улар мурдани сандиқ ичига яшириб қўйишади ва бу сандиқ устига дастурхон ёзиб, уйга меҳмонлар чақиришади. Улар бу ишни шунчаки ўзлари идеал жиноят содир эта олиши ёки йўқлигини синаб кўриш учун, уларни кимдир фош эта олиши ёки йўқлигини билиш учун қилади.
Бунга ўхшаш воқеа ҳаётда чиндан ҳам содир бўлган. 1924 йилда Чикаго университетининг икки талабаси эксперимент тариқасидаги шундай қотилликка қўл урган. Бу воқеадан кейин у ҳақда бир қанча пъесалар ва асарлар яратилган. 1948 йилда эса Альфред Хичкок мазкур пъесалар асосида «Арқон» фильмини суратга олади.
Бу Хичкокнинг биринчи рангли фильми ҳамда ўзи продюсерлик қилган дастлабки киноси ҳисобланади. Фильм бир кадрда узлуксиз тасвирга олинганга ўхшайди. Лекин аслида у тахминан 10 дақиқали 9 та бўлакдан иборат. Бунга сабаб эса ўша вақтдаги фильмлар кинотасмага тасвирга олингани, унинг узунлиги эса фақат 10 дақиқалик тасвир учун етарли бўлгани ҳисобланади.
«Қуш одам»
Алехандро Гонсалес Иньярриту томонидан 2014 йилда тасвирга олинган «Қуш одам» картинаси ўша йили «Энг яхши фильм», «Энг яхши режиссёр», «Энг яхши сценарий» ва «Энг яхши операторлик иши» сифатида «Оскар» мукофотига лойиқ кўрилган.
Сюжетга кўра, қачонлардир «Қуш одам» роли орқали бутун дунёга машҳур бўлган, бугунги кунга келиб эса бироз унутилган кекса актёр — Риган Брадвейда янги спектакль қўймоқчи бўлади. Шу орқали у ўз ҳамкасбларига, кинотанқидчиларига, қизига ва, асосийси, ўзига нималарга қодир эканини, шунчаки бир роль актёри эмас, балки катта ижодкор эканини исботламоқчи бўлади.
Фильм комедия жанрида тасвирга олинган, лекин жуда ҳам яхши драматик саҳналари мавжуд. Унинг ижодкорлари қаҳрамоннинг ичидан кечаётган зиддиятларни, унинг ҳаётини қайтадан йўлга қўймоқчи бўлаётганини ва ичидан ўтказаётган барча қийинчиликларини томошабинларга етказиб бериш учун мана шу усулдан фойдаланган.
Фильмни томоша қилиш давомида машҳур оператор Эммануэль Любецкининг маҳоратидан завқланиш мумкин.
«1917»
Сэм Мендеснинг «1917» картинаси ҳарбий драма жанрида тасвирга олинган бўлиб, ундаги воқеалар Биринчи жаҳон уруши даврида содир бўлади.
Сюжетга кўра, британ аскарларидан икки нафарига А нуқтадан Б нуқтага кечиб ўтиб, у ердаги полкка муҳим хабарни етказиш вазифаси берилади. Бу аскарлар душманлар томонидан назорат қилинаётган ҳудудни кечиб ўтишига тўғри келади.
Фильмда томошабинлар узилмас кадрлар орқали мана шу икки аскарнинг хавфларга тўла саёҳатини кузатади. Режиссёр уларни мана шу аскарлар ҳолатига тушириш учун, уларнинг ичидан ўтаётган қўрқувни, ҳар бир сониядаги хавф эҳтимолини кўрсатиш учун бу усулдан фойдаланган.
Айнан шу фильмдаги иши учун тажрибали оператор Роджер Дикинс ўзининг иккинчи «Оскар»ини қўлга киритган.
Юқорида санаб ўтилган учала фильм ҳам бир кадрда тасвирга олингандек туйилса-да, улар бир нечта қисмга бўлиб олинган. Лекин кадрлар орасида чоклар томошабинга сезилмайдиган ва кўринмайдиган қилиб жойлаштирилган. Шунга қарамай, кино тарихида бир узлуксиз кадрда тасвирга олинган фильмлар ҳам мавжуд.
«Рус кемаси»
Бундай фильмларнинг дастлабкиси Александр Сокуровнинг «Рус кемаси» картинаси ҳисобланади. Фильмда барча воқеалар Санкт Петербургдаги Эрмитаж музейида содир бўлади. 96 дақиқали фильм давомида томошабин Россия тарихининг катта қисмини томоша қилади. Фильм шиори: «2000 актёр, 300 йиллик тарих, Эрмитажнинг 33 зали, 2 та жонли оркестр, битта узлуксиз дубль».
«Виктория»
«Виктория» Себастьян Шиппер томонидан тасвирга олинган немис триллери ҳисобланади. Воқеалар Виктория исмли қизнинг ҳаётидаги энг оғир тун ҳақида ҳикоя қилади. 25 ёшли асли испаниялик қиз айни пайтда Берлинда яшаётган бўлади. Шаҳарга яқинда кўчиб келгани ва немис тилини билмагани сабабли унинг дўстлари бўлмайди.
Фильм дискотека саҳнасидан бошланади. Виктория у ердан чиқиб, уйга кетмоқчи бўлган вақтида эшик олдида турган 4 йигит билан танишиб қолади. Бироз ширакайф, лекин самимий йигитлар унга уйига кузатиб қўйишни таклиф қилади. Фильмнинг дастлабки 40−50 дақиқасида катта воқеалар содир бўлмайди. Картинанинг иккинчи ярмида эса томошабин триллер жанрига кескин бурилиш гувоҳига айланади: Виктория ўзи билмаган ҳолда мудҳиш жиноятга шерик бўлиб қолади.
Фильмда томошабин диққати бош қаҳрамонни гавдалантирган испаниялик актриса Лайа Костанинг актрисалик маҳорати эвазига ушлаб турилади. Чунки фильм бошидаги Виктория фильм сўнгига келиб мутлақо бошқа бир инсонга айланиб кетади.
Деярли 2 соат давом этувчи картина ҳақиқатан ҳам узлуксиз, бир кадрда тасвирга олинган. У 2015 йилда Берлин фестивалида 3 та махсус мукофотни қўлга киритган.
«Қайнаш нуқтаси»
2021 йилда Филь Борантини томонидан тасвирга олинган «Қайнаш нуқтаси» фильми ва юқорида эслаб ўтганимиз — «Ўтиш даври» сериалининг ижодкорлари бир инсонлардир. Мазкур фильм қайсидир маънода сериал учун репитиция вазифасини ўтаб берган бўлиши мумкин.
Бош қаҳрамонни Стивен Грэм гавдалантирган бўлиб, фильмнинг барча воқеалари бир кечада, Лондондаги ресторанларнинг бирида содир бўлади. Камера қаттиқ босим остида яшаётган, ўзининг шахсий ҳаётидаги ва ишхонасидаги муаммолари орасида бўлиниб кетаётган қаҳрамонни кўрсатган. Бундан ташқари, томошабин рестораннинг тинимсиз ишлаш жараёнида ундаги бошқа қаҳрамонлар ҳаётини ҳам бирма-бир кузатади.
«Ўтиш даври» сериалига қайтиб
Кинорежиссёр Сарвар Каримовга кўра, бу сериал жуда ҳам кучли драма ҳисобланади. Уни кўрган инсон томошабин сифатида ўзида кичик бўлса-да ўзгаришни ҳис қилади. Томошабинни ўзгартира оладиган картиналар эса ҳар куни ҳам тасвирга олинавермайди. Сериални, айниқса, ҳар бир ота-она кўриши лозим.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
