Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Венгрияда ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқида Украинадаги уруш, Фаластин можароси ва қатор жиҳатларга тўхталди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
«Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда», — деди у. «Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир».
Давлат раҳбари энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ низоми асосида ечим топиш зарур деб ҳисоблашини эслатди.
Жумладан, Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтиб, бу борада Туркия президенти Режеп Тоййиб Эрдоғаннинг ҳиссасини эътироф этди. 16 май куни Истанбулда Россия ва Украинанинг тўғридан-тўғри музокаралари бўлиб ўтганди.
Шунингдек, Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчани чуқур ташвишга солаётгани қайд этилди. «Токи „Икки халқ учун — икки давлат“ тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас», — деди Мирзиёев.
Бундан ташқари, президент Афғонистондаги вазиятни тилга олди: «Бу мураккаб вазиятга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради».
Шундан сўнг давлат раҳбари ўз таклифларини билдирди.
2024 йилда «Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида»ги битимни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган эди. Президент бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қилди.
Ўзаро савдо улушини кескин кўпайтириш. Давлат раҳбари «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурди.
«Ягона дарча» ҳамда «яшил коридорлар» тизимлари. Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун «ягона дарча» ҳамда «яшил коридорлар» тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақирилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказиш режалаштирилган.
Инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш. Бу борада мамлакатларнинг инвестиция имкониятларини тўлиқ акс эттирган «Ягона инвестиция портали»ни жорий этиш таклиф этилди.
Cаноат кооперацияси соҳасида амалий ҳамкорлик. Бу борада кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида салмоқли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш ҳақида гап борди.
Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ўз ишини бошлагани, бу институт фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб этиш учун «Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Туркий давлатлар халқаро университети. Тошкентдаги мазкур ўқув даргоҳида туркий давлатларнинг етук профессор ва олимлари фаолият олиб бориши кўзда тутилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман, деди у.
Туркий маданият ва мерос жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ҳам таклиф этилди.
Шунингдек, Будапештдаги норасмий саммит доирасида «Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун» Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу йил мукофотга турк биокимёгари, Нобель мукофоти совриндори, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжар сазовор бўлди.
Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги мукофоти Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилда таъсис этилган. У туркий маданиятни тарғиб қилиш, тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшилган алоҳида ҳисса учун ҳар икки йилда бир марта топширилади.
Мукофотга илк бор 2022 йилда қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбоби марҳум Чингиз Айтматов лойиқ кўрилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди





