Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Чапдан: Отабек Нарзиев, Абдураҳмон Ташанов, Раззоқ Алтиев
Фото: Kun.uz, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли пости камситиш деб топилди. Суд Ташановдан Тошкент давлат юридик университети икки ўқитувчиси фойдасига 50 млн сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди. Facebookʼдаги постни ўчириш ва раддия бериш мажбурияти ҳам юкланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook`да эълон қилинган пости сабабли Тошкент давлат юридик университетининг икки нафар профессор-ўқитувчиси, яъни Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиевга 50 миллион сўм маънавий зарар тўлайдиган бўлди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.
Қарорда ёзилишича, суд 23 май куни фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида судья Бехзод Сагатов раислигида ёпиқ тарзда кўриб чиқилган. Судья даъвогарлар — Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиевнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириш бўйича қарор чиқарган.
Қайд этилишича, Абдураҳмон Ташановнинг Facebook саҳифасида 2025 йил 28 февраль ва 1 март кунлари эълон қилинган «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли постидаги қуйидаги изоҳлар даъвогар — Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиевларнинг шаън ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар деб топилган:
- «Эшитишимча, Тошкент Давлат юридик университетининг бир қатор домлаларига менинг суд-ҳуқуқ тизимида учраётган муаммолар хусусидаги чиқишларимга раддиялар билдириш бўйича топшириқ бўлибди»;
- «Буюк Бальзак айтганидек, „Бир парча гўшт итни не кўйларга солмайди“, Бечора домлаларимизнинг ҳолини тушунаман»;
- Доцент-у профессорларнинг айтишича, мен оммада суд-ҳуқуқ тизимига ишончсизлик уйғотаётган эмишман. Гўё, халқимизда бу ахлат тизимга (президент Мирзиёев таъбири) ишонч юқоридек. Ҳолингиз хароб, домлалар, уялинг! Рамазон ойида сизларни дуо қиламиз, соғайиб кетинг»;
- «Ҳай-ҳайламаганимизда бундай тарихий шармандалик аниқ рўй берарди. Ўшанда бу аҳли илм кимнинг тагида эди, деган савол қўядиган одамнинг ўзи йўқ» ҳамда «Сизга ачинаман, жаноблар!»;
- «Доцент Алтиев бу масалада нега шайтонлаётганини умуман тушунмадим».
Суд жавобгар Абдураҳмон Ташановдан Тошкент давлат юридик университетининг икки профессор-ўқитувчиси фойдасига 50 миллион сўм (ҳар бирига 25 миллион сўмдан) миқдорида маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, суд қарори билан инсон ҳуқуқлари фаолига Facebook`да 2025 йил 28 февраль ва 1 март кунлари эълон қилган «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли постларнини ўчириш ҳамда узр сўраб, раддия бериш мажбурияти юкланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат юридик университетининг икки нафар профессор-ўқитувчиси Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев 2025 йил 28 февраль куни ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов томонидан Facebook`да эълон қилинган «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли пост сабаб ҳуқуқ ҳимоячиси устидан судга даъво аризаси киритган эди. Улар Ташановнинг пости туфайли қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етганини даъво қилган.
Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев жавобгар Абдураҳмон Ташановдан пости бўйича раддия эълон қилиш, узр сўраш ва уни ўчириб ташлаш ҳамда маънавий зарар учун 200 млн сўм ундиришни талаб қилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
