Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: banknoteworld.org
Сурия янги банкноталарни БАА ва Германияда чоп этишни режалаштирмоқда. Улар ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Россияда чиққан. Янги ҳукумат, шунингдек, Сурия фунтларидан собиқ президент Башар Асаднинг суратини олиб ташламоқчи.
Сурия Россияда янги намунадаги банкноталарни чоп этишдан воз кечмоқчи. Мамлакат расмийлари бу борада БАА ва Германия билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Reuters.
Сурия ҳукумати бир қанча вақтдан бери банкноталар муҳрини БАА ва Германияга кўчириш имкониятларини ўрганмоқда. Европа Иттифоқи февраль ойида Дамашққа қарши санкцияларни юмшатганидан кейин расмийларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари янада фаоллашди, деб таъкидлайди нашр.
Reuters маълумотларига кўра, Сурия фунтларини босиб чиқаришга Германиянинг икки компанияси қизиқиш билдирган: давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган Bundesdruckerei фирмаси ва Giesecke+Devrient хусусий корхонаси.
Суриянинг янги ҳукумати, шунингдек, банкноталардан Сурия собиқ президенти Башар Асаднинг портретини олиб ташлаш орқали Сурия фунтининг дизайнини ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Россиянинг Гознак банки 2012 йилда Сурия банкноталарини чоп этишни бошлаган. Бунгача Сурия фунтларини Австрия фирмаси босиб чиқарган. Шартнома Суриядаги фуқаролар уруши фонида киритилган Европа Иттифоқи санкциялари туфайли бекор қилинганди.
Хусусан, февраль ойида Сурия Марказий банки Дамашқ аэропортига Россиядан юк самолёти учиб келгани, унинг бортида Россиянинг Гознакида босилган Сурия фунтлари борлиги ҳақида хабар берганди. Reuters манбасининг айтишича, гап Асад даврида чоп этилган «юзлаб миллиардлар» ҳақида кетмоқда.
- Башар Асад режими 2024 йил декабрь ойи бошида ал-Шараа бошчилигидаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳининг ҳужуми натижасида ағдарилди. Асад оиласи билан мамлакатдан қочиб, Россиядан бошпана олди. Ал-Шараа 2025 йил январида Суриянинг ўтиш даври президенти деб эълон қилинди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
