Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча университет ва институт талабалари учун ягона «талаба формаси» жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.
Гап нима ҳақида?
Ўзбекистонда 1 августгача ҳар бир олийгоҳнинг ноёб имиж ва бренд концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилаётганди. Буни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Унда сўз боришича, олий таълим ташкилотида ходим ва талабаларнинг таълим ташкилоти брендига оид талабларни ишлаб чиқишда ҳар бир таълим ташкилотининг ички тартиб қоидаларидан келиб чиққан ҳолда гигиеник, эстетик ҳамда миллийлик талаблари инобатга олинади.
- Эркак ходим ва талабалар учун ўқиш ва хизмат фаолияти давомида олий таълим ташкилоти логотипи туширилган махсус кийимига нисбатан қуйидаги умумий талаб қўйилади: Ранги ва ўзига хос дизайни олий таълим ташкилоти томонидан танланган классик услубдаги шим, кўйлак, костюм, ёпиқ кўринишдаги пойабзал бўлиши, озодалик ва покизаликка амал қилиниши.
- Хотин-қизлар ходим ва талаба қизлар учун ўқиш ва хизмат фаолияти давомида олий таълим ташкилоти логотипи туширилган махсус кийимига нисбатан қуйидаги умумий талаб қўйилади: Ранги ва ўзига хос дизайни олий таълим ташкилоти томонидан танланган классик бичимдаги кофта-юбка ёки шим, блузка, жакет, ёпиқ пояфзал бўлиши, озодалик ва покизаликка амал қилиниши лозим.
Вазирликнинг таъкидлашича, низом лойиҳасида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ёки мажбурий тартибда талаб этилишига доир ҳеч қандай норма мавжуд эмас.
«Аксинча, олий таълим муассасалари ўзининг тарихи, вазифаси, маданий қадриятлари ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзига хос корпоратив услуб ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бунга таълим ташкилотларининг индивидуал имижини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қаралиши лозим. Шу билан бирга, эстетик, гигиеник ёки ташқи кўринишга оид тавсиялар фақат ихтиёрий характерга эга бўлиб, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ. Яъни мазкур низом лойиҳаси доирасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий тартибда талаб қилиш умуман назарда тутилмаган», — деб таъкидлади вазирлик.
Шу билан бирга, корпоратив услуб ва бренд элементлари (логотип, ранг схемаси ва ҳоказолар) шакллантириш ташаббуси университетларни нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ёндашув дунё тажрибасида ҳам таълим муассасаларининг маркетинг стратегиясининг муҳим қисми сифатида қаралади, дейди идора.
Олий таълим ташкилотларида ҳар бир талабанинг шахс сифатидаги эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилиниши эслатиб ўтилди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
