Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Қурилиш вазирлиги
Тошкент бош режаси ва эҳтимолий «снос»лар кўрсатилган интерактив харита тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг очилмай қолди. Қурилиш вазирлиги ҳолатни сайтдаги юклама билан изоҳлади. Харита ишга тушгани ҳақида расмий маълумот берилмаганди, муаммо қачон ҳал этилиши ҳам ҳозирча номаълум.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг 2045 йилгача тасдиқланган бош режасининг интерактив харитаси ҳаволаси эълон қилиниши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Харита жойлаштирилган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги сайти ушбу хаританинг ишга туширилгани ҳақида расмий эълон қилмади.
Харита ҳақида 24 май куни «Потребитель.Уз» Telegram канали хабар берди. Унда бош режа асосида белгиланган консервация, реконструкция ва реновация ҳудудлари акс этган. Айрим зоналарда янги бино қурилишида қаватлар сонига қўйилган чекловлар кўрсатилган.
Фойдаланувчилар харитага асосланиб, қайси уйлар бузилиши мумкинлиги, келгусида қаерда қурилиш олиб борилиши ва қайси кўчалар кенгайтирилиши сабабли бузилиши режалаштирилган уй-жойлар ҳақида хабар бера бошлашди.
Хусусан, улардан бири Сергели туманида ер сотиб олгани, бироқ бош режага кўра у ерда тўрт қаватли уй қуриш тақиқланганини айтди. У бошқаларни ҳам «қурилиш қиламан деб ер олиб, куйиб қолмасликлари» учун огоҳлантирди.
Ордан кўп ўтмай, харита саҳифаси ишламай қолди. Фойдаланувчилар харитани беркитиб қўйишган, деган тахминларни билдирди.
Душанба куни эса Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги харита ёпиб қўйилмаганини маълум қилди. «Тошкент шаҳри бош режаси ҳаволасига киришда юклама ортгани сабабли расмий сайтда узилишлар кузатилмоқда. Ушбу ноқулайлик учун узр сўраймиз ва тез орада муаммо бартараф этилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
«Газета.uz» сўровига жавобан вазирлик ушбу харита икки ой олдин жойланганини билдирди. «Харитани рақамлаштириш ва жойлаштириш маълум вақт ва техник ишларни талаб қилди», — дейилади жавобда. Унинг қачон қайта ишга туширилиши ҳақида аниқ маълумот берилмади.
Маълумот учун, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси (биринчи босқич 2030 йилгача) ҳукумат томонидан 2024 йилнинг 24 декабрида тасдиқланган эди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди