Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати чегарачилари божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар чоғида умумий оғирлиги 26 кг 805 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаларини контрабанда йўли билан олиб кириш ва тарқатиш билан боғлиқ бир нечта ҳолат аниқланди. Бу ҳақда ДХХ маълум қилди.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Тошкент вилоятида ўтказган тадбир давомида 1986 йилда туғилган Тожикистон фуқароси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган вақтда тўхтатиб қолинди. Унинг ёнидаги сумкадан 15 ўрамга қадоқланган, умумий оғирлиги 14 кг 584 грамм бўлган «гашиш» моддаси топилиб, расмийлаштирилди.
Ушбу гиёҳвандлик воситасини буюртма қилган шахсни аниқлаш мақсадида тадбир давом эттирилган. Натижада Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган фуқаро Бошкент тумани ҳудудида «гашиш»ни олаётган вақтда ушланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Яна бир ҳолатда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари ИИБ ва божхона хизмати билан биргаликда ўтказган тадбирда Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро 9 кг 467 грамм «опий» моддаси билан ушлангани маълум қилинди. У ушбу модданинг контрабанда йўли билан олиб кирилганини тан олди.
Тезкор тадбирлар давомида бу моддалар Тожикистон фуқароси томонидан Сурхондарё вилоятига контрабанда йўли билан олиб кирилгани, кейин эса Деновда яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро томонидан қабул қилиб олиниб, Тошкент вилоятига олиб келингани аниқланган. У ҳам ушланиб, процессуал тартибда жавобгарликка тортилди.
Қўқон шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида «Фарғона-Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомобили тўхтатилди. Унинг йўловчиси, 1967 йилда туғилган фуқаро белига 1 кг 759 грамм «гашиш» моддасини яшириб олгани аниқланиб, ҳужжатлаштирилди.
Шунингдек, Фарғона-Тошлоқ йўналишида ҳаракатланаётган «Запороже» русумли автомобиль салонида 995 грамм «гашиш» моддаси топилди. Транспорт воситаси ҳайдовчиси, 1995 йилда туғилган фуқаро ушланган.
Тезкор тадбирлар давомида мусодара қилинган жами 26 кг 805 грамм гиёҳвандлик воситаларининг барчаси Тожикистон ҳудудидан ноқонуний йўллар билан олиб кирилган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
