Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: Экология вазирлиги
Тошкент туманида фуқаро уйида Амур йўлбарси боласи ва 7 дона питон илони сақлаётгани аниқланди. Жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.
Тошкент вилояти Тошкент туманидаги Тутзор маҳалласида яшовчи фуқаро хонадонида ноқонуний равишда 1 дона Амур йўлбарси ва 7 дона питон илонини сақлаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Бош прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги қарори билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий равишда яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда боқиш тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати тасдиқланган. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб уларни сақлашга тақиқ киритилган эди.
Ёввойи ҳайвонларни қонунга хилоф равишда сақлаганлик учун ушбу ҳайвонларни олиб қўйган ҳолда БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар қоидабузарлик одамларнинг соғлиғи ва мулкига зарар етказган бўлса, жарима 30 дан 50 БҲМгача бўлади.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги хусусий питомникларда ноқонуний боқилаётган 80 дан ортиқ ёввойи ҳайвон, жумладан, тўртта шер топилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
