Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Бош прокуратура
Тошкент вилоятидаги 13 та археологик объектга жами 342 млрд сўмлик зарар етказилди. Хусусан, Пискент туманидаги «Мингтепа» ёдгорлигининг 7 минг квадрат метри бузилган, Оққўрғон туманида эса V — VII асрларга оид объект ери терак экиш учун қазилган.
Тошкент вилоятида маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга қаратилган назорат тадбирларида бир қатор ноёб археология ёдгорликларига жиддий зиён етказилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Қайд этилишича, жами 13 та ёдгорликка 342 млрд сўм зарар етказилган. Хусусан, Пискент туманида милоддан аввалги V асрга оид «Мингтепа» ёдгорлигининг 7000 метр куб қисми бузилган (231 млрд сўм), Оққўрғон туманида эса V — VII асрларга оид «Зокиртепа» ёдгорлигининг 1400 метр куб қисми терак экиш учун қазилган (44,6 млрд сўм).
Шу билан бирга, қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
- «Санчтепа» ёдгорлигининг 129 метр куб қисми йўл очиш учун текисланиб 2,2 млрд сўм;
- Паркент туманида Қоравултепа ёдгорлигининг 941 м³ қисми ва «Ертепа» ёдгорлигининг 23 метр куб қисми бузилиб, жами 16,4 млрд сўм;
- Оҳангарон туманида «Думгалактепа» (V — VI асрлар) ёдгорлигининг 658 метр куб қисми техника ёрдамида қазилиб 21 млрд сўм;
- Юқоричирчиқ туманида «Хожакайтепа» (V — VII асрлар) ёдгорлигининг 43 метр куб қисми текисланиб 1,3 млрд сўм;
- Ўртачирчиқ туманида «Туябўғизтепа» ёдгорлигининг 54 метр куб қисми бузилиб, 1,7 млрд сўм;
- Нурафшон шаҳрида «Чордаратепа» (III — VIII асрлар) ёдгорлигининг 38 метр куб қисми бузилиб 1,2 млрд сўм.
Ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
