Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Milliy TV
Учтепа туманида 69-сонли автобус ҳайдовчиси эҳтиётсизлик оқибатида бошқарувни йўқотиб, бекатга бориб урилди. Оқибатда у ердаги 27 ёшли йигит темир устунлар тагида қолиб, боши ёрилгани айтилмоқда. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея маълум қилди «Тошшаҳартрансхизмат».
Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқаро автобус келиб урилган бекат остида қолди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг Millar дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, 27 ёшли йигит туманнинг Қурилиш шаҳарчаси қаршисидаги Ўрикзор маркази бекатида 20 май куни соат 22:00 атрофида автобус кутаётган бўлган. Лавҳада автобус келиб урилиши оқибатида унинг устига бекат темирлари тушиб кетгани айтилади.
«Автобус кутиб ўтиргандим. Ҳайдовчи ухлаб қолиб, бекатни бузиб ўтиб кетди. Худо бир асради. Фақат бош ёрилди. Тўғриси, ким ёрдам кўрсатгани эсимда йўқ. Бекат тагидан эмаклаб чиқиб олдим. Болалар келди, қонларни артишди, сув беришди, чеккага ўтқазиб қўйишди ва тез тиббий ёрдам чақиришди», — дейди жабрланувчи.
«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 69-сонли Yutong автобуси ҳайдовчиси тўхташ вақтида чалғиши ва ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида рул бошқарувини йўқотган ва бекатга бориб урилган. Автобусда йўловчилар бўлмаган.
Ҳозирда ЙТҲ юзасидан компаниянинг Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланиб, дастлабки суриштирув ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди