Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Вьетнам ҳукумати мессенжер жиноий ишлар доирасида фойдаланувчилар маълумотларини ҳукуматга беришдан бош тортгани сабабли алоқа операторларидан мамлакат ҳудудида Telegram`ни блоклашни талаб қилди, деб ёзмоқда Reuters.
Агентлик танишиб чиққан Вьетнам Технология вазирлигининг буйруғига кўра, телекоммуникация компаниялари Telegram`ни блоклаш бўйича кўрилган чоралар ҳақида 2 июнгача расмийларга ҳисобот беришлари керак.
Худди шу ҳужжатда Вьетнам полициясининг мамлакатдаги 9600 Telegram канал ва гуруҳларнинг 68 фоизи ноқонуний фаолият, жумладан, фирибгарлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва «терроризм билан боғлиқ деб тахмин қилинаётган ҳолатлар» билан шуғулланаётгани ҳақидаги маълумотлари келтирилган.
Технологиялар вазирлиги вакили Reuters`га ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб, блоклаш ҳақидаги қарор Telegram жиноий терговларда иштирок этган фойдаланувчиларнинг маълумотларини ҳукуматга тақдим этишдан бош тортганидан кейин қабул қилинганини таъкидлади.
Telegram қонунни бузадиган маълумотларни кузатиш, олиб ташлаш ва блоклашни талаб қиладиган қонунларни қўлламаганликда айбланмоқда, дейилади ҳужжатда.
Нашрнинг таъкидлашича, Вьетнам ҳукмрон Коммунистик партияси оммавий ахборот воситаларида кучли цензурани қўллаб-қувватлайди ва Meta, Google ва TikTok каби йирик компанияларга «заҳарли», жумладан, ҳақоратли, ёлғон ва ҳукуматга қарши мазмундаги контентни йўқ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш талаби билан бир неча бор мурожаат қилган.
Дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган эркин фойдаланиш платформаси олдин ҳам хавфсизлик ва маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ баҳс-мунозараларга тўқнаш келган, жумладан, ўтган йили мессенжер асосчиси Павел Дуров қисқа муддатга ҳибсга олинган Францияда ҳам шундай вазият кузатилганди. Ўшанда Дуров молиявий ва кибержиноятлар бўйича ҳаракатсизликда айбланган.
2023 йил ёзида Ироқ расмийлари Telegram`ни миллий хавфсизлик ва «фуқароларнинг шахсий маълумотларини сақлаш» мақсадида блоклаганди. Уларнинг сўзларига кўра, мессенжер маълумотлар сизиб чиқаётган каналларни ёпиш ҳақидаги сўровларни эътиборсиз қолдирган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
