Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Yandex Go
Рақобат қўмитаси Тошкент ва Қашқадарёда Yandex Go такси хизмати орқали фуқаролар ҳисобидан асоссиз ечиб олинган маблағлар қайтарилганини маълум қилди. Қўмитага жамоат транспортида йўлкира нархининг оширилгани ва янги автомашиналардаги техник носозликлар юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жамоат транспорти, такси хизматлари ва янги автомашиналарда кузатилаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Қўмита маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда йўлкира нархларининг асоссиз оширилиши, онлайн тўловлардаги ноаниқликлар ҳамда янги автомобилларда аниқланган техник носозликлар юзасидан фуқаролар томонидан мурожаатлар тушган.
Хусусан, Тошкент шаҳрида Yandex Go хизмати орқали асоссиз қарздорлик ҳисобланган ва ортиқча маблағ ечиб олинган фуқарога компенсация қайтарилиб, қарздорлик бекор қилинди.
Худди шундай ҳолат Қашқадарё вилоятида ҳам қайд этилган бўлиб, айни хизмат орқали фойдаланувчининг пластик картасидан маблағлар асоссиз ечиб олинган. Қўмита аралашувидан сўнг маблағлар қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойида қўмита Yandex Go UB`ни бозорда устун мавқега эга компания сифатида тан олган эди.
Бундан ташқари, таҳлил ва назорат тадбирлари давомида қуйидаги ҳолатлар бўйича ижобий натижаларга эришилди:
- Андижон вилояти — Асака — Қоратепа йўналишида транспорт йўлкира нархи сунъий равишда оширилганлиги бўйича мурожаат асосида ўрганишлар ўтказилиб, ҳолат бартараф этилди;
- Самарқанд вилояти — автобус ҳайдовчисининг йўловчига нисбатан қўпол муомаласи ва йўлкирани икки маротаба тўлатиши ҳолати аниқланиб, ҳайдовчига қатъий огоҳлантириш берилди;
- Жиззах вилояти — Cherry Tiggo 7 Pro автомашинасида аниқланган техник носозлик юзасидан мурожаат асосида кафолат доирасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди;
- Бухоро вилояти — Когон шаҳридаги 105 ва 114-йўналишли таксилар томонидан йўлкира ҳақи асоссиз оширилгани аниқланиб, масъул ташкилотга нисбатан иш кўрилди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
