Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»
Ўзбекистонда зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган «Тўхташ тақиқланган» йўл белгилари демонтаж қилинади ёки амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади. Айрим темир йўл кесишмаларида «Стоп» белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилади.
Ҳукумат қарори билан «Тўхташ тақиқланган» ва «Тўхтаб туриш тақиқланган» йўл белгиларининг мақсадга мувофиқ ўрнатилганлиги нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади, уларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.
Қарор билан шу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига рухсат берилди. Масалан, «Тўхтаб туриш тақиқланган» белгисининг тагида амал қилиш вақти соат «7:00 — 21:00» деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21:00 дан 7:00 га қадар бемалол тўхтаб туришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, қарор билан автомобиль йўлларидан ўтган айрим темир йўл кесишмаларида «Стоп» белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
