Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Elements Envato
Март ойида Ўзбекистон 11 тонна олтин сотиб, кетма-кет иккинчи ой дунёдаги энг кўп олтин сотган давлат бўлди. 2025 йилнинг дастлабки чорагида мамлакат жами 15 тонна олтин сотди.
Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил март ойида 11 тонна олтин сотди. Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларига кўра, бу дунё бўйича ой давомидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мартда дунёдаги марказий банклар томонидан жами 35 тонна қимматбаҳо металл харид қилинди ва 18 тонналик сотувлар амалга оширилди.
Энг кўп олтинни Польша (+16 т), Қозоғистон (+11 т) ва Хитой (+3 т) сотиб олган бўлса, Ўзбекистон (-11 т), Сингапур (-5 т) ва Қирғизистон (-2 т) энг кўп олтин сотган давлатлар бўлди.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Ўзбекистон 12 тонна қимматбаҳо металл сотиш билан дунёдаги энг йирик олтин сотувчисига айланганди. Январь якунларига кўра эса Ўзбекистон Марказий банки захираларини 8 тоннага ошириб, жаҳонда олтиннинг асосий харидори бўлганди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг биринчи чорагида 3,57 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Бу 2024 йилнинг шу даврига (2,66 млрд доллар) нисбатан қиймат жиҳатидан 34 фоизга кўп.
Олтиннинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 40,9 фоиздан 44 фоизгача ошди. Унинг олтин-валюта захираларидаги физик ҳажми ҳам қисқарди, гарчи олтин захираларининг қиймати янги рекордларни ўрнатаётган котировкалар ўсиши фонида сезиларли даражада ошган бўлса ҳам.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
