Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
U-17 Жаҳон чемпионати қуръаси натижаларига кўра Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Парагвай, Панама ва Ирландия билан бир гуруҳдан жой олди. Қуръа 25 май куни Доҳа шаҳрида ўтказилди.
Ўзбекистон илк ўйинни 5 ноябрь куни Парагвайга қарши ўтказади. 8 ноябрь куни Ирландияга қарши майдонга тушади, гуруҳ босқичи 11 ноябрь куни Панама билан ўйин билан якунланади. Учрашувларнинг барчаси Доҳа шаҳридаги Aspire zone стадионида бўлиб ўтади.
Қуръа маросимидан сўнг жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоилов мусобақа ва рақиблар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ҳар учала рақиб ҳам ўз минтақасининг кучли вакиллари саналади ва бу мусобақага муносиб тарзда йўл олишган. Шу боис ҳар бир ўйинга алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрамиз».
«Парагвай — Жанубий Американинг жисмоний куч, интизом ва техника уйғунлиги билан ажралиб турадиган жамоаси. Улар ҳеч қачон курашдан чекинмайди. Панама эса CONCACAF минтақасида йилдан-йилга ўсиб келаётган футбол мактабига эга. Уларнинг ўйин услуби тезлик, қарши ҳужум ва юқори прессингга асосланган. Ирландия классик Европа футболи вакили бўлиб, кучли шаклланган ўйин ва интизом билан ажралиб туради», — деди Исмоилов.
«Шубҳасиз, гуруҳдаги барча жамоалар кучли. Бу босқичда осон рақиб йўқ. Аммо биз ҳам Осиё чемпионлари сифатида ушбу мусобақада шунчаки иштирок учун эмас, балки исталган жамоага қарши рақобат кўрсатиш, ўз салоҳиятимизни намоён этиш ва юртимиз номини муносиб ҳимоя қилиш учун ҳаракат қиламиз», — дея қайд этди бош мураббий.
«Жамоамизда ишонч бор, сўнгги йилларда катта тажриба орттирган, бир қатор оғир баҳслардан ўтган ва энди ҳар бир ўйинга чуқур таҳлил, аниқ режа ҳамда юксак руҳий тайёргарлик билан чиқади. Бор эътиборимизни рақибларни чуқур ўрганишга, иқлим ва муҳитга мослашишга, шунингдек, футболчиларимизни руҳий ва тактик жиҳатдан энг юқори даражада тайёрлашга қаратамиз. Юртимиз байроғини жаҳон миқёсида юқори кўтариш ва футбол мухлисларига қувонч улашиш биз учун шарафдир», — дея таъкидлади Исломбек Исмоилов.
Маълумот ўрнида, мазкур мусобақа 3−27 ноябрь кунлари Қатар мамлакатида бўлиб ўтади. 12 гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган 24 жамоа ва энг яхши 8 та 3-ўрин соҳиблари 1/16 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 20 апрель куни бўлиб ўтган Осиё кубоги финалида турнир мезбонларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпион бўлди. Қайд этиш керакки, ўзбекистонликлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 2 та қизил карточка олиб, 9 киши қолганди.
Ёш «оқ бўрилар» ўз тарихида иккинчи марта Осиё кубогини қўлга киритиб, 2012 йилги муваффақиятни такрорлади.
Ушбу турнирда ўсмирлар терма жамоаси мағлубиятга учрамади, гуруҳда Таиланд (4:1), Хитой (2:1) ва Саудия Арабистони (3:0), чорак финалда БАА (3:1), ярим финалда КХДР (3:0) устидан ғалаба қозонди. Футболчилар 17 та гол уришди ва фақат 3 та гол ўтказиб юборишди.
Ўзбекистон чорак финалга чиққанидан сўнг U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди