Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ташриф буюрган ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Расселни қабул қилди. Томонлар болаларга ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ижтимоий хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ижрочи директори Кэтрин Расселни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Жамғарма билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик даражасидан мамнунлик билдирди.
Жамғарма кўмагида Ўзбекистонда «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва болалар онкологиясига қарши курашиш соҳасидаги стратегик ҳужжатлар қабул қилинди, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва эмлаш тизимини ривожлантиришга кўмаклашилди.
Томонлар қонунларни такомиллаштириш, болаларга ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ижтимоий суғуртани кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ижтимоий хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш, бу борадаги миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва инклюзив таълимни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
2030 йилгача мўлжалланган янги Мамлакат дастурини қабул қилиш, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини илгари суриш масалалари бўйича қатор халқаро тадбирларни биргаликда ўтказишга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунларда Тошкентда Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб «Болалар учун мулоқот: Марказий Осиё ва ЮНИСЕФ» юқори даражадаги форуми бўлиб ўтмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди