Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистонда туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик маошлари 20 фоизга, ўрта тиббиёт ходимлариники эса 10 фоизга оширилади. Шунингдек, сайёр хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама тўланади.
Ўзбекистонда айрим лавозимдаги шифокорларнинг ойликлари оширилади. Бу 19 май куни қабул қилинган «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида [ПФ-88-сон] белгиланган.
Фармонга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:
- сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
- тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида — шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида — туманларда;
- оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари — 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари — 10 фоиз миқдорида оширилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.
Фармонга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ва тиббиёт муассасаларида:
- раҳбарлар учун тиббиётни бошқариш (менежерлик) бўйича ўқув дастури йўлга қўйилади;
- ўқув дастури якуни бўйича сертификатга эга бўлган раҳбарларга ойлик лавозим маошининг 100 фоизи, раҳбар ўринбосарига — 80 фоизи ҳамда бош ҳамширага — 50 фоизи миқдорида устама тўланади;
- раҳбар ходимлар учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) белгиланади ҳамда ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади;
- 1 йил давомида фаолият самарадорлиги кўрсаткичларида (KPI) ижобий (56 фоиздан юқори) натижаларга эришмаган раҳбар ходимлар лавозимидан озод қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ ташкилий, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштирилиб кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
