Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Президент 5 май куни қонун ҳужжатларига хиёбонлар, истироҳат боғлари, аллеялар ва дам олиш масканларини муҳофаза қилишни кучайтиришга, шунингдек, бу ҳудудларда бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўймасликка қаратилган ўзгартишларни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди .
Янги меъёрларга кўра, фуқароларнинг маданий, маиший ва дам олиш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган давлат ерларини хусусийлаштириш ёки бошқача тарзда бегоналаштириш тақиқланади.
Шунингдек, ушбу ерларда бино ва иншоотлар қуриш, улардаги мавжуд биноларни кенгайтириш ёки бундай ерларнинг майдонини қисқартириш тақиқланади.
Худди шу қонун ботаника боғларини қўриқланадиган табиий ҳудудларга киритади ва уларда ўсимлик дунёсига таҳдид соладиган ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Бундан ташқари, қонунда фойдаланишга рухсат этилган ер турларининг таснифи мавжуд.
Янги қонунни бузганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Қонуннинг Сенатда муҳокамаси чоғида давлат мулки бўлган ҳамда аҳоли ёки унинг бир қисми дам олиши учун фойдаланилаётган ер участкаларини ўзлаштиришга олиб келган ер участкаларини бериш тартибини бузганлик учун БҲМнинг 300 бараваридан 360 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш кўзда тутилгани маълум қилинганди.
Сенатдаги муҳокамалар чоғида Ўзбекистондаги 184 та боғда яшил ҳудудлар ва ўрмонлар қисқартирилган, 944 та бино ва иншоот қурилгани (қурилиш майдони 431,6 минг кв. м ёки 43,16 га) маълум қилинган. Шунингдек, 18 та боғда 91 та ноқонуний бино (7,6 минг кв. м / 0,76 га), 98 боғда 1248 та ноқонуний аттракцион ўрнатилган. Бундан ташқари, боғ ерларини давлат органларининг захира фондига олиб қўйиш, уларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш амалиёти амалга оширилмоқда.
2023 йилда Тошкент ботаника боғи Ўзбекистондаги истироҳат боғлари бошқаруви дирекцияларига топшириш таклиф қилинган 200 га яқин объектлар рўйхатига киритилган эди. Sreda.uz эко-журналисти Наталья Шулепина Фанлар академияси Ботаника институтидан олинган илмий тўпламнинг пойтахт ҳокимлигига ўтказилишига қарши чиққан. Кейинроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги Ботаника боғи рўйхатдан чиқарилгани ҳақида хабар берган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
