Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонда болаларга машинани бошқаришга берганлик учун жавобгарликни кучайтиририлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселекторда маълум қилинди.
Ҳозирда 7−11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтини телефонда ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани мактаб директори ва муаллимни ҳам, ота-оналарни ҳам ўйлантириши зарурлиги қайд этилди.
Ёки вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида, ҳар ойда 10−15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қоляпти. Ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўп.
Ички ишлар бошлиқлари, вилоят, туман прокурорлари қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
«Биз мактабгача ва мактаб таълими тизимида катта ўзгариш қила олдик. Лекин, ҳали ечимини кутаётган кўплаб муаммолар бор», — деди давлат раҳбари.
Мактабгача ва мактаб таълими вазрилигига бутун тизими билан «фавқулодда тўқсон кунлик» тартибида ишлашга ўтиш топширилди.
Наманганда ижарага олингани машиналар билан тез-тез ЙТҲлар содир бўлиб туради.
Хусусан, 2024 йилнинг октябрида Наманган шаҳрида Gentra автомашинасини 200 минг сўмга ижарага олган 5 нафар ўқувчи катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда улардан 3 нафари вафот этган. Бу йил бошидан буён шаҳарда машина ижарага олган ўқувчилар иштирокида содир бўлган тўртинчи ЙТҲ бўлган.
Ноябрь ойида яна Наманган шаҳрида икки нафар 9-синф ўқувчиси Gentra машинасида ЙТҲга учраган, улардан бири ҳалок бўлган. Улар машинани 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган.
2025 йилнинг 6 апрель куни Давлатобод туманида икки мактаб ўқувчиси Nexia 3 машинасида ЙТҲга учраб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Улар машинани 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган. 15 апрель куни эса Янги Наманган туманида 2 нафар 8-синф ўқувчиси иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Улар машинани 1 млн сўм эвазига 8 соатга ижарага олган.
Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев автомобилларни ижарага берувчи «Наманган езда» Telegram каналининг 90 фоизи вояга етмаганлар, асосан, мактаб ўқувчилари эканини маълум қилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
