Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ўзбекистонда ёшга доир пенсия фуқароларнинг мурожаатисиз (проактив шаклда) тайинланади. Агар фуқаро унинг мурожаатисиз тайинланган пенсия миқдоридан норози бўлса ёки меҳнат фаолиятини давом эттириш ва кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирса, уни рад этиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда энди ёшга доир пенсия проактив шаклда, яъни фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Бу 19 май куни президент имзолаган қонун [ЎРҚ-1066-сон] билан белгиланди.
Қонун Сенат томонидан 5 май куни маъқулланган.
Қонун билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатисиз (проактив шаклда) пенсия тайинланишини ҳамда фуқароларнинг шундай тартибда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, фукаронинг ёшга доир пенсияга бўлган ҳуқуқи белгиланган ахборот тизимларидан олинган маълумотларга асосан аниқланади.
Агар фуқаро унинг мурожаатисиз (проактив шаклда) тайинланган пенсия миқдоридан норози бўлса ёки меҳнат фаолиятини давом эттириш ва кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирса, у тайинланган ёшга доир пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга.
Бунда фуқаро хабарномани олган кундан эътиборан 10 кун ичида Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан ёхуд давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали сўровнома тўлдирган ҳолда мурожаат қилиши керак.
Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ва сўровнома 10 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Пенсияни фуқаронинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда (проактив шаклда) тайинлаш тўғрисидаги масала фуқаро пенсия ёшига тўлган куннинг ўзида кўриб чиқилади.
Февраль ойида Қонунчилик палатасида мазкур ҳужжат муҳокамаси чоғида иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Гулнора Раҳимова мазкур ўзгаришлар туфайли йилига ўртача 250 минг нафар фуқаро Пенсия жамғармаси ва давлат хизматлари марказларига ариза топширишга мажбур бўлмаслиги, бу эса вақт ва маблағни тежаш имконини беришини айтганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
