Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистонда Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади. Бу 30 апрель куни қабул қилинган «Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида» ги президент қарорида [ПҚ-153-сон] белгиланган.
Қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланди. Ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картаси, банк ҳисобрақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилади.
Жиноят қонунчилиги билан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилади. Жиноят содир этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш жавобгарлик ҳамда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланади.
«Марказий банклар томонидан „молиявий пирамида“ туридаги фирибгарлик схемалари аломатларини аниқлаш тизими жорий этилмоқда», — деди Марказий банк раиси ўринбосари Содир Мелибоев «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида. «Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Марказий банк ўртасида маълумотлар алмашиш бўйича электрон платформа ишга туширилади. Банк сирини ифодаловчи маълумотларни йиғиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилмоқда. Прокурор санкциялари электрон шаклда олинади. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва интернет ҳамжамияти орқали молиявий саводхонликни ошириш бўйича ишлар кўзда тутилган».
Бундан ташқари, Марказий банк 2025 йил 1 сентябрга қадар барча банклар ва кредит бюроларининг маълумотларини ягона платформага интеграция қилишни якунлайди ҳамда марказлашган антифрод тизимини жорий этади.
Шунингдек, ҳужжатда Рақамли технологиялар вазирлиги йил якунига қадар ёлғон қўнғироқларга чек қўйиш тизимини жорий этиши белгиланган. Қарорда шубҳали пул ўтказмаларига алоқадор банк карталарини тезкор блокировка қилиш кўзда тутилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
