Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги
Жиззах вилоятидаги Нурота тоғ тизмасида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик маконлар аниқланди. Топилган манзиллар деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади ва мамлакатдаги энг қадимий инсон фаолиятини ўрганишда муҳим манбага айланиши кутилмоқда.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланди, деб хабар берди Маданий мерос агентлиги.
28 апрелдан 6 майга қадар Самарқанд археология институти ходимлари билан ҳамкорликда Нурота тоғ тизмасининг шимоли-ғарбий қисмида дала тадқиқот-қидирув ишлари олиб борилди. Тадқиқотлар жараёнида тарихий аҳамиятга эга қатор археологик манзиллар аниқланишига эришилди.
Хусусан, Ўгат қишлоғининг ғарбий қисмида сўнгги палеолит даврига оид ибтидоий кишиларнинг яшаш макони қайд этилди. Изланишларнинг дастлабки таҳлиллари бу ҳудудда минг йиллар аввал инсонлар доимий ёки мавсумий истиқомат қилганини кўрсатмоқда.
Қоропчи қишлоғининг шимолий этакларида эса неолит даврига мансуб иккита янги макон аниқланди. «Топилган манзиллар инсониятнинг деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади», — дейилади хабарда.
Ёнбоштут қишлоғи шимолида жойлашган «Бешбулоқ» номли макон ҳам неолит даврига тегишли бўлиб, бу ерда қадимги жамиятларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётига доир излар топилган.
Агентликнинг таъкидлашича, мазкур археологик топилмалар Ўзбекистон ҳудудида энг ибтидоий одамларнинг яшаш тарихини ўрганишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Тадқиқотлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Келгусида топилмаларнинг илмий таҳлиллари асосида каталоглар, мақолалар ва кўргазмалар тайёрланиши режалаштирилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
