Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»
Ҳукумат ҳайдовчиларга дам кунлари, таътил, кечки ва тунги вақтда мактаб ва боғчалар яқинида аҳоли пунктлари учун максимал тезликда (30 км/с ўрнига 60−70 км/с) ҳаракатланишга рухсат берди. Бир кун аввал президент таътилда тўгараклар, қўшимча машғулотларга эътибор қаратиш бўйича топшириқ берган эди.
Вазирлар маҳкамасининг 15 майдаги қарори билан ҳайдовчиларга дам олиш кунлари, мактаб таътиллари вақтида ва соат 19:00 дан эрталаб соат 7:00 гача мактаб ва боғчалар яқинида маълум бир ҳудуд учун рухсат этилган максимал тезликда ҳаракатланишга рухсат берилди.
Ҳужжат «Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
Икки йил аввал Йўл ҳаракати қоидаларига мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларига етмасдан ва ўтгандаги 300 метрдан кам масофада чегараланган тезлик 30 км/соатдан ошмаслиги кераклиги тўғрисидаги қоида қўшилган эди. Ушбу қоида тегишли белгилар мавжуд бўлганда қўлланади.
Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар ва туманлар марказлари, шунингдек, шаҳарларда рухсат этилган тезлик 60 км/соат, бошқа аҳоли пунктларида 70 км/соатни ташкил этади.
Бир кун аввал мактаб таълими масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси раҳбарлари ва барча ҳокимларга ёзги таътил даврида барча таълим муассасаларининг спорт майдончалари ва ўқув хоналарида ёшлар учун спорт, илмий ва касб-ҳунар тўгаракларини очишни буюрганди.
Мамлакатда 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари бор.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
