Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
АҚШ ҳукумати Гарвард университетига хорижлик талабаларни ўқишга қабул қилишни тақиқлади, деб ёзмоқда The New York Times.
Ички хавфсизлик вазирлиги университетга талабаларни алмашинув асосида қабул қилиш имконини берувчи дастур сертификатини зудлик билан бекор қилиш тўғрисида хат юборган.
Сертификат бекор қилингани сабабли Гарвард энди чет элликларга АҚШда ўқиш визасини олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни бера олмайди. Гарвардда ўқиётган хорижликлар бошқа университетга ўтишлари керак, акс ҳолда, улар мамлакатда қолиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Гарвард раҳбарияти ҳукуматнинг ҳаракатларини ноқонуний деб ҳисоблашини маълум қилди.
«Биз Гарварднинг 140 дан ортиқ мамлакатдан келадиган ва университетни ва бу мамлакатни беқиёс бойитадиган хорижий талабалар ва олимларни қабул қилиш имкониятини сақлаб қолишга қатъий қарор қилдик. [АҚШ ҳукуматининг] бу жавоб ҳаракатлари Гарвард ҳамжамияти ва мамлакатимизга жиддий зарар етказиш билан таҳдид қилади, шунингдек, Гарварднинг академик ва тадқиқот миссиясига путур етказади», — деди Гарварднинг ОАВ билан алоқалар бўйича директори Жейсон Ньютон.
Маълумотларга кўра, 2024−25 ўқув йилида Гарвардда 6800 га яқин халқаро талаба таҳсил олган ёки талабалар сонининг тахминан 27 фоизини ташкил этган, дея қайд этди NYT.
Гарвард халқаро идораси статистик маълумотларига кўра, 2024−2025 ўқув йилида университетда ўзбекистонлик саккиз нафар талаба ва тадқиқотчи бор.
АҚШ ҳукумати апрель ойи ўрталарида биринчи марта Гарвардга хорижлик талабаларни қабул қилишни тақиқлаш билан таҳдид қилиб, университет раҳбариятидан у ерда таҳсил олаётган хорижликларнинг «ноқонуний ва зўравонлик ҳаракатлари» ҳақида ҳисобот беришни талаб қилганди. Ички хавфсизлик вазирлиги университетни талабаларнинг Фаластин тарафдори бўлган норозиликлари туфайли «антисемитизмга йўл қўйишда» айбламоқда.
Бир неча кун олдин АҚШ Гарвард университетига ажратилган 60 млн долларлик федерал грантларни бекор қилди, бунга олийгоҳнинг антисемитик таъқиб ва этник камситиш муаммоларини ҳал қилмагани сабаб қилиб кўрсатилди.
Бунга параллель равишда апрель ойида Оқ уй Гарварддан кенг кўламли ислоҳотлар ўтказишни талаб қилди, акс ҳолда, университетни федерал молиялаштиришдан бутунлай маҳрум қилинишини билдирди. Ҳукумат талаблари орасида фаол ўқитувчиларнинг таъсирини камайтириш ва «Америка қадриятлари ва институтларига душман» талабаларни қабул қилишни тўхтатиш ҳам бор эди. Гарвард буни рад этди, шундан сўнг расмийлар умумий қиймати 2,2 миллиард долларлик грантларни музлатиб қўйди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
