Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Шуҳрат Қурбонов.
Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
Миллий банклараро процессинг марказини (Humo тўлов тизимининг оператори) бошқарган Шуҳратбек Қурбонов TBC Bank бошқаруви раисининг бизнес сегменти тўловларини ривожлантириш ва уларга хизмат кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Шуҳратбек Қурбонов TBC Bank бошқаруви раисининг бизнес сегментидаги тўловларни ривожлантириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди, деб хабар қилди рақамли банк матбуот хизмати.
Шуҳратбек Қурбонов сўнгги олти йил давомида Humo тўлов тизимининг оператори бўлган Миллий банклараро процессинг марказини (МБПМ) бошқарган.
TBC ушбу тайинланишни «компаниянинг Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) учун молиявий хизматларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам» деб атади. Ўтган йили компания Ўзбекистондаги КЎБ учун биринчи тўлиқ рақамли банк хизмати бўлган TBC Business платформасини ишга туширганди, бу эса барча банк ва тегишли операцияларни масофадан бошқариш имконини беради.
«Шуҳратбек Қурбоновни жамоамиз сафида кўришдан мамнунмиз. Унинг тайинланиши — компаниямизнинг Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс молиявий ечимларни яратиш стратегиясидаги муҳим босқич ҳисобланади. Шуҳратбекнинг тажрибаси, бозорни чуқур тушуниши ва обрў-эътибори бизнинг онлайн банк хизматларимизни ривожлантиришга ва мамлакатдаги тадбиркорликни рағбатлантиришга хизмат қилади», — деди TBC Uzbekistan CEO’си Ника Курдиани.
«Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган компаниялардан бири — TBC Uzbekistan экотизими сафига қўшилганимдан хурсандман. Бизнинг вазифамиз — замонавий молиявий ечимлар, илғор технологиялар ва профессионаллар жамоасининг мувофиқлаштирилган ишлаши орқали мамлакатда кичик ва ўрта бизнес ривожи учун қулай шароитлар яратишдир», — деди Шуҳратбек Қурбонов.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
