Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Бош прокуратура билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақлаш ҳолатлари юзасидан текширувлар ўтказмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

80 дан ортиқ сутэмизувчилар, шу жумладан, 4 та Африка шери ва 9 турдаги қуш тутқунликда экани аниқланган. Барча ҳайвонлар тегишли рухсатномаларсиз хусусий питомникларда боқилган. Топилган ҳайвонларнинг бир қисми аллақачон Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.

Вазирлар маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги қарори билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий равишда яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда боқиш тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати тасдиқланган. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб уларни сақлашга тақиқ киритилган эди.

Ёввойи ҳайвонларни қонунга хилоф равишда сақлаганлик учун ушбу ҳайвонларни олиб қўйган ҳолда БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади. Агар қоидабузарлик одамларнинг соғлиғи ва мулкига зарар етказган бўлса, жарима 30 дан 50 БҲМгача бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида учта шер хусусий ҳайвонот боғи қўриқчисига ҳужум қилган, оқибатида эркак ҳалок бўлган эди. Ўшанда директорга уч йилга озодликдан чеклаш жазоси берилган.