Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Ноябрь ойида Ўзбекистонда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» иқтисодий форуми ва инвесторлар форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги элчиси Тойво Клаар 12 май — Европа кунини нишонлаш маросимида маълум қилди.
[Ушбу форумларда] янги бизнес имкониятлари очилади», — деди дипломатик миссия раҳбари.
Икки минтақа ўртасидаги биринчи иқтисодий форум 2021 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкекда, иккинчиси 2023 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити доирасида Европа Иттифоқи тўртта соҳани: транспорт йўлаклари, муҳим хомашё, яшил энергетика ва сунъий йўлдош интернетини ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё учун 12 миллиард евролик инвестиция пакетини эълон қилганди.
Тойво Клаар, шунингдек, ЕИ инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги мулоқотни интиқлик билан кутаётганини таъкидлади. Ушбу тадбир ҳар йили ўтказилиб, унда пенитенциар тизим, қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш, меҳнат ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти, уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлиги, аёллар ва болалар ҳуқуқлари, сўз, дин ва эътиқод эркинлиги каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун жорий йилда Брюсселга ташрифини ҳам кутмоқда.
«Ушбу тарихий ташриф Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги кўплаб соҳаларда чуқурлашадиган, диверсификация ва модернизация қилинадиган муносабатларда янги саҳифа очади», — деди Европа Иттифоқи элчиси ўз нутқида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги келишув йилнинг биринчи ярмида имзоланиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
