Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Отабек Турдиев / «Газета.uz»
«Ёшлар учун 1000 китоб» лойиҳасининг таржимон ва муҳаррирлар тайёрловчи интенсив мактаби ишга тушди. Маҳорат машғулотлари учун юзлаб талабгорлар орасидан 30 нафар иштирокчи саралаб олинган. Битирувчилар «1000 китоб» лойиҳасида таржимон ва муҳаррир сифатида ишлаш имконини қўлга киритиши мумкин.
Энг сара илмий-оммабоп ва бадиий адабиётларни хорижий тиллардан ўзбек тилига ўгириш ва чоп этиш мақсадида ташкил этилган «1000 китоб» лойиҳаси Таржимон ва муҳаррирлар мактабини йўлга қўйди. 14 май куни ушбу мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Ушбу маҳорат мактаби ёш муҳаррир ва таржимонларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таржима ва таҳрир соҳасида устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, шунингдек, нашриётлар учун таржимон ва муҳаррирлар тайёрлаб бериш мақсадида ташкил қилинган.
Таржимон ва муҳаррирлар мактабида 130 дан ортиқ талабгорлар орасидан саралаб олинган 30 нафар иштирокчи икки ҳафта давомида бепул ўқитилади. Уларга экспертлар ва мураббийлардан иборат жамоа илмий ва илмий-оммабоп таржима ва таҳрир бўйича назарий ва амалий билимлар беради.
«Иштирокчиларни ёши ё тажрибаси эмас, балки таржима намуналаридан келиб чиқиб сараладик. Улар мактабни тугатгач „1000 китоб“ лойиҳаси билан ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлади. Ёш таржимонлар нафақат билим олади, балки ўз маҳоратини намоён қилиши ҳам мумкин» — дейди лойиҳанинг масъул вакили Дилшода Мусаева.
Очилиш маросимидан сўнг Фанлар академияси Миллий археология маркази катта илмий ходими, тилшунос, «1000 китоб» лойиҳаси контент-менежери Элдар Асанов таржимонлик бўйича биринчи дарсни бошлаб берди.
Тез орада муҳаррирлар учун ҳам дарслар старт олади. Келгуси машғулотларда «Тил ва адабиёт» журнали муҳаррири Фаррух Жабборов таҳрир бўйича дарс ўтса, филология бўйича фалсафа доктори, журналист Беруний Алимов илмий таржима ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашади.
«1000 китоб» лойиҳасининг Таржимон ва муҳаррирлар мактаби очилиши ва биринчи дарсидан лавҳалар
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
















