Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ДХХ
Қарши туманида яширин фаолият юритган, «Жиҳодчилар» оқими сафида диний экстремистик ғояларни тарқатган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Суд уларни 6 йилдан 10 йил 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қарши туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган, жиноят кодексининг бир қатор моддалари (155, 159, 244−1, 244−2 ва бошқалар) бўйича олдин ҳам бир неча бор судланган, ўта хавфли рецидивист ўзининг Қарши шаҳри ҳамда Қарши туманида истиқомат қилувчи, 1964−1986 йилларда туғилган 7 нафар фуқарони жамоатга жалб қилган ва улар билан биргаликда ноқонуний диний жамоат тузган.
Тергов жараёнида аниқланишича, жамоа аъзолари ўз уйларида яширин йиғилишлар ўтказиб, «халифалик давлати» барпо этиш ғоясини муҳокама қилишган. Улар ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотларнинг ғоявий даъватчилари томонидан тарқатилган жиҳод, ҳижрат ва халифалик ҳақидаги аудио ва видео материалларни бир-бирларига юбориб, бошқа фуқаролар онгига ҳам экстремистик ғояларни сингдиришга уринишган.
Қайд этилишича, гуруҳ етакчиси ва аъзоларининг тўрт нафари аввалги жиноятлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан бўлса-да, ўз қилмишларидан хулоса чиқармаган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 244−1-моддаси (Диний экстремизм, сепаратизм ёки фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш), 244−2-моддаси (Ноқонуний диний ташкилотлар тузиш, уларда иштирок этиш) билан айбли деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, «Жиҳодчилар» оқимининг 8 нафар аъзоси 6 йилдан 10 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
