Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги «Автоойна» автомобиль ойнаси ишлаб чиқарувчи корхонадаги 100 фоиз давлат улуши сотилганини эълон қилди.
UET Invest аукционда энг юқори нарх — 200,5 миллиард сўм (тахминан 15,5 млн доллар) таклиф қилган ҳолда ғолиб деб топилди. Битим Portfolio Investments консальтинг компанияси иштирокидаги хусусийлаштириш дастури доирасида амалга оширилди.
Битим шартларига кўра, харидор «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган тўловни кечиктириш механизмидан фойдаланган ҳолда, бир ой муддатда харид нархининг 35 фоизини тўлаш мажбуриятини олади. Харидор, шунингдек, компаниянинг асосий фаолиятини камида 10 йил давомида сақлаб туришга, General Motors билан лицензия шартномаларига ва бошқа тегишли талабларга риоя қилишга рози бўлди.
Давактив маълумотларига кўра, Uet Invest таклифи индикатив қийматнинг юқори оралиғида ва активнинг бозор баҳосидан ошиб кетади. Сотиш тўғрисидаги қарор Давлат хусусийлаштириш комиссияси томонидан тасдиқланган.
Актив ҳақида
«Автоойна» ўзини Марказий Осиёда Европа стандартлари бўйича хавфсиз автомобиль ойналарини ишлаб чиқарувчи ягона компания сифатида намоён қилади.
Компания 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий фаолияти ҳар қандай марка ва моделдаги автомобиллар учун автоойналар ишлаб чиқаришдир. Корхонада 150 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 420 минг донадан ортиқ.
Бу ерда Bystronic Glass (Швейцария), Cugher Glass, Ctriulzi, Mario Argiro, Kera Glass (Италия), Glassrobots, Pilkington (Финляндия) ва Vetrotool (Испания) каби компаниялар технологиялари қўлланади.
«Автоойна» UzAuto Motors компаниясининг енгил автомобиллари (автобуслар, юк машиналари ва қишлоқ хўжалиги техникаси) учун барча турдаги ойналар ишлаб чиқаради. Корхонанинг асосий объектлари завод ҳудудида жойлашган. Корхонада BYD Song Plus, KIA Sonet Q21 ва бошқа автомобиль моделлари учун ойна ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилган.
«Автоойна» ва Uz-Koram’ни хусусийлаштириш ўтган йилнинг июль ойида бошланган эди. Дастлаб активга қизиқиш бўйича аризалар 27 августгача қабул қилинди, аммо ДАБА «потенциал инвесторларнинг мурожаатлари» асосида бу муддатни сентябргача узайтирди.
Ўшанда мажбурий таклифлар киритишга рухсат этилган 4 нафар талабгордан аризалар қабул қилинган. Бироқ улардан фақат иккитаси ҳужжатларни ўз вақтида топширган ва таклиф қилинган нархлар активнинг тахминий қийматидан паст бўлган. Шу муносабат билан ДАБА «Автоойна»ни хусусийлаштиришнинг биринчи босқичи қайта амалга оширилишини эълон қилган.
«Автоойна» компаниясининг 2024 йилдаги соф фойдаси 37,4 миллиард сўмни ташкил этади, бу 2023 йилга (23,8 миллиард сўм) нисбатан 1,6 баробар кўп, биринчи чоракда бу кўрсаткич 8,2 миллиард сўмдан 2,5 миллиард сўмга камайган. Ўтган йилдаги даромад 435,3 миллиард сўмни (+4,8%) ташкил этган.
Харидор ҳақида
ДАБА маълумотларига кўра, Uet Invest электр энергияси, қайта тикланадиган энергия, саноат объектлари, йўллар, насос станциялари, аэропортлар, кўприклар, кўчмас мулк ва фуқаролик инфратузилмаси каби соҳаларда лойиҳалаш, харид қилиш ва қурилиш хизматларини кўрсатувчи Uet Construction компанияси асосчиси иштирокида яратилган.
2024 йил якунларига кўра компаниянинг соф фойдаси қарийб 300 миллиард сўмни ташкил этди.
Ташкилотлар реестрига кўра, Uet Invest 2024 йил январь ойида ташкил этилган бўлиб, фондлар ва трастларни бошқариш билан шуғулланади. Устав капитали 52,05 млн сўм. Муассислар сифатида Хурдиёр Ортиқбоев (76,95%) ва UET Construction (23,05%) кўрсатилган. Бошқарувчи — Ҳаёт Файзиев.
2023 йил апрель ойида ташкил этилган UET Construction таъсисчилари орасида Хафизжон Анварович Ғофуров (63%) ва Акмалхон Ҳайдархонов (37%) бор. Биринчиси, шунингдек, Revochain Technology, Qapchug`Ay Mevalari Agrofirma, бетон ишлаб чиқарувчи Tremendous, Joseph Capital компаниялари, Centrum Holidays туроператори, My Freighter, Standart Meat Angus, Centaurus Group юк авиакомпанияларида улушларга эга.
Ҳайдархоновнинг активлари орасида Legal Advice Company, Zhong Xin Generator ва UET Consulting бор.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида UET Construction 39,9 миллиард сўм эвазига Чирчиқ металл қотишмалари заводини сотиб олганди.
UET Construction электрон аукционда ғолиб бўлиб, Янги Тошкент ҳудудида қурилиш ишларини олиб бориш ҳуқуқини ҳам қўлга киритганди. Лойиҳалар орасида EPC пудратчиси сифатида 220 кВ подстанция қуриш (барча қурилиш ишлари, барча жиҳозларни етказиб бериш ва монтаж қилиш, электр ва механик монтаж ишлари), 81 минг кв.м. майдонга эга турар жой ва тижорат зонасини ва 87 минг кв.м. майдонга эга офис ва савдо зонасини қуриш киради.
Илгари компания асосан иссиқлик ва қуёш электр станцияларини қуриш лойиҳаларида иштирок этган.
Сайтда кўрсатилишича, 2024 йилда Maxsuselektrtarmoqqurilish’нинг сотиб олиниши UET Construction’га бутун Марказий Осиё минтақасида юқори вольтли электр узатиш линиялари қурилиши соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш имконини берган. Қайд этилишича, Maxsuselektrtarmoqqurilish бу:
- бориш қийин бўлган ва баланд тоғли ҳудудларда ҳаво электр узатиш линияларини (ЭУЛ) ўрнатиш бўйича Ўзбекистондаги ягона корхона;
- Ўзбекистонда электр узатиш линияларини ўрнатиш бўйича портлатиш ишларини амалга оширувчи ягона корхона;
- Марказий Осиёда баланд тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларга ҳаво УЭЛлар ўрнатиш учун импорт қилинган замонавий юқори унумли бурғилаш ускунасига эга ягона корхона;
- Ўзбекистондаги текис ерларда ЭУЛлар ётқизишни амалга оширувчи тўртта корхонадан бири;
- Ўзбекистондаги юқори вольтли 220−500 кВ ҳаво ЭУЛларини қуришга ихтисослашган иккита корхонадан бири («Elektrtarmoqqurilish» АЖ ва «Maxsuselektrtarmoqqurilish» АЖ).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UET Construction компаниясининг собиқ директори Ҳабибулла Қувондиқов сув хўжалиги вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди


