Бош прокуратура ва Космик тадқиқотлари ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар қилди агентлик матбуот хизмати.

Томонлар экологик хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қилади. Аэрокосмик технологиялар назорат чоралари, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларига киритилади.

Бош прокуратура, шунингдек, ўз фаолиятида Давлат космик мониторинги тизимидан олинган шаффоф ва юқори аниқликдаги маълумотлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Томонлар тизимли равишда ахборот алмашади ва бир қатор йўналишларда иш олиб боради, жумладан:

  • дарахтлар кесилиши ва яшил майдонлар қисқариши ҳолатларини мониторинг қилиш;
  • ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилиш ва кон қазиш ишларини аниқлаш;
  • дарёлар ўзанлари ва қўриқланадиган ҳудудларда фойдали қазилмалар қазиб олинишини назорат қилиш;
  • ўзанларни тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш жараёнида лойиҳалардан четга чиқиш ҳолатларини текшириш;
  • фойдали қазилмалар қазиб олинишининг ҳақиқий ҳажмини ўлчаш;
  • чиқиндиларни ноқонуний ташлаб юбориш ва сақлаш жойларини кенгайтиришни назорат қилиш;
  • далаларда сомон ва ўсимлик қолдиқларини ёқиш ҳолатларини қайд этиш.

«Ўзбеккосмос»нинг таъкидлашича, глобал миқёсда экологик ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг зарари йилига 200 миллиард долларга баҳоланмоқда. Улар экологик биохилма-хилликнинг йўқолишига, инсон саломатлигига салбий таъсирларга, иқтисодий зарарга ва иқлим ўзгаришининг тезлашишига олиб келиши мумкин.