Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ўзбекистонда тунда, яъни соат 23:00 дан 06:00 га қадар автобуслар учун ажратилган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилди.
Ўзбекистонда тунда, хусусан, соат 23:00 дан 06:00 га қадар йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни «А» ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳозирда тақиқланган.
Соат 23:00 дан бошлаб деярли барча автобус йўналишлари ўз ишини тугатишини ҳисобга олиб ҳамда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бошқа транспорт воситаларининг тунги пайтда, соат 6:00 га қадар ушбу тасмаларда ҳаракатланиши мумкин бўлади ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди.
Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда «Радар» йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши (бундан рухсат этилган ҳоллар мустасно) БҲМнинг 1 баравари миқдорида (ҳозирда 375 минг сўм) жарима солишга, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этиш БҲМнинг 3 баравари миқдорида (1 млн 125 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар қилинганди.
Бундан ташқари, 1 июндан шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишлар фақат соат 21:00 дан соат 07:00 гача амалга оширилиши белгиланди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
