Ўзбекистон шаҳарларида йўлларини таъмирлаш ва йўл чизиқларини чизиш кечаси амалга оширилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.

Яъни, таъмирлаш ва йўл чизиқларини янгилаш ишлари энди кундузи эмас, фақат кечаси — йўллардаги ҳаракат камайган вақтда амалга оширилади.

«Бу ўзгариш фуқароларнинг кундалик ишга бориш-келиш, фарзандини мактабга олиб бориш ёки шифохонага етиб олишни осонлаштириш билан бир қаторда, тирбандликлар юзага келишини олдини олади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар қилинганди.