Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Шавкат Мирзиёев 5 май куни истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Тақдимотда айтилишича, «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 2225 нафар стипендиатлар 45 га яқин давлатга ўқишга юборилиб, бюджетдан жами 1,5 триллион сўм йўналтирилган. Ҳозиргача уларнинг 1400 нафари Ўзбекистонга қайтиб, иқтисодиёт тармоқларида, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқарувида ишламоқда. Бугунги кунда 748 нафар стипендиат TOP-300 таликдаги нуфузли университетларда таълим олмоқда.
Бундай ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида мазкур фондни президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси этиб, Давлат бошқаруви академиясини президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан бирга кадрлар тайёрлаш кластерига айлантирилади.
Жумладан, истиқболли мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича бакалавриат, магистратура ва докторантура билан бир қаторда давлат хизматчилари олти ойгача мақсадли стажировкага юборилади. Бунда энергетика, урбанизация, транспорт, архитектура, геодезия, ер муносабатлари, техника, муҳандислик каби иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига, давлат бошқаруви ва долзарб ижтимоий йўналишларга устуворлик берилади.
Режага кўра, халқаро рейтингларда TOP-100 талик университетларга грант асосида ўқишга кирган номзодларга «Эл-юрт умиди» стипендияси имтиҳонларсиз ажратилади. TOP-300 таликда бўлган университетларга грантга кирганларга халқаро транспорт ва турар жой харажатлари имтиҳонларсиз қоплаб берилади. TOP-20 таликдаги университетлар бакалавриатига 50 фоиз грант асосида қабул қилинган президент мактаблари битирувчиларига стипендиялар танловларсиз ажратилади.
Хорижда ўқиётган фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда таълим-тарбия жараёнларида ёрдамлашиш мақсадида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатларининг ота-оналари кенгаши тузилади. Элчихона ва консулликларга талабаларга ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилади.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ҳозирда «Ҳокимлар мактаби», «Раҳбар аёллар мактаби», «Келажак лидерлари» каби курсларда илғор таълим дастурлари йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йилида 13 мингдан зиёд тингловчиларнинг малакаси оширилган.
Янги тизимга асосан, энди давлат хизматчилари учун 3 та дастур — малака ошириш, қайта тайёрлаш ва магистратура йўлга қўйилади. Барча узоқ ва ўрта муддатли ўқувлар хорижий ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари асосида ташкил этилади.
Магистратурада «Давлат бошқаруви», «Давлат сиёсати», «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш», «Инсон ресурсларини ривожлантириш» ва «Давлат молиясини бошқариш» йўналишларида 18 ойгача муддатда чуқурлаштирилган билимлар берилади. Давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт шаклида ҳам талабгорлар қабул қилинади.
Академияда таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар бериш, нуфузли хорижий илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузиш режалаштирилган.
Шунингдек, академия ҳузурида 4 та янги марказ ташкил этилмоқда. Мисол учун, Давлат бошқаруви муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш маркази давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусий сектордаги илғор амалиётларни давлат бошқарувида жорий қилишга қаратилган тавсиялар бериб боради.
Президент таклифларни маъқуллаб, бу тизимларни янгича ёндашувлар асосида жорий қилиш, жамғарма ва академия ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Иқтидорли ёшларни доимий излаб топиш ва юқори даражада ўқитиш, малакали мутахассисларни ислоҳотларга жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февралидаги йиғилишда Шавкат Мирзиёев «Эл-юрт умиди» жамғармаси Президент администрацияси ҳузурига ўтказилиши ва хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилишини маълум қилганди. Жамғарма ҳисобидан ёшларни ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.
Аввалроқ имзоланган президент фармонига кўра, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижий мамлакатларда таълим олиб қайтган стипендиатлар миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритилади. Улар давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига танловсиз ишга олинади. Шароити оғир оилалар фарзандлари учун «Ёрқин истеъдод» лойиҳаси яратилади.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди



