Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Ўзбекистонда 1 июндан шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишлар фақат соат 21:00 дан соат 07:00 гача амалга оширилади. Дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.
Ўзбекистон шаҳарларида йўлларини таъмирлаш ва йўл чизиқларини чизиш кечаси амалга оширилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.
Яъни, таъмирлаш ва йўл чизиқларини янгилаш ишлари энди кундузи эмас, фақат кечаси — йўллардаги ҳаракат камайган вақтда амалга оширилади.
«Бу ўзгариш фуқароларнинг кундалик ишга бориш-келиш, фарзандини мактабга олиб бориш ёки шифохонага етиб олишни осонлаштириш билан бир қаторда, тирбандликлар юзага келишини олдини олади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмаслиги ҳақида хабар қилинганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
