Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази
24 май тонгида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида содир бўлган 3,9 магнитудали зилзила кучи Андижон вилоятининг аксар ҳудудларида 2−3 баллгача сезилди.
24 май куни соат 05:25 да Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида 3,9 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила кучи Ўзбекистон ҳудудида ҳам сезилди — Андижон вилоятининг айрим туманларида 2−3 баллгача бўлган силкинишлар қайд этилди, деб хабар берди ФВВ ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази.
Марказ маълумотларига кўра, зилзиланинг эпицентри Тошкентдан 281 км жануби-шарқда, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган. Координаталари — 41,23° шимолий кенглик, 72,58° шарқий узунлик. Ер силкиниши 10 км чуқурликда содир бўлган ва эпицентрда 4 баллгача сезилган.
Ўзбекистон ҳудудида эса қуйидаги жойларда ер силкиниши қайд этилди:
- Пахтаобод туманида — 2−3 балл (эпицентрдан 32 км узоқликда);
- Избоскан туманида — 2 балл (45 км);
- Учқўрғон туманида — 2 балл (45 км);
- Андижон туманида — 2 балл (49 км);
- Андижон шаҳрида — 2 балл (53 км);
- Жалақудуқ туманида — 2 балл (56 км);
- Қўрғонтепа туманида — 2 балл (58 км);
- Норин туманида — 2 балл (58 км);
- Хонобод туманида — 2 балл (59 км);
- Олтинкўл туманида — 2 балл (60 км).
Зилзила оқибатлари ва талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Аввалроқ 20 май куни ҳам Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Андижон вилояти ҳудудида сезилганди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
