Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
Ҳукумат «Тоза қўллар» дастурини амалга оширишга доир қарорни қабул қилди. Унга кўра, мактаб ва шифохоналар ичимлик суви ва санитария инфратузилмаси (ҳожатхона, гигиена воситалари) билан таъминланади, ҳожатхоналар бинолар ичига кўчирилади.
Соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган «Тоза кўллар» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, «Тоза қўллар» дастури доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотлари санитария-гигиена воситалари билан етарли миқдорда таъминланади.
Шунингдек, уларда ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена объектлари (ҳожатхона) инфратузилмаси яхшиланади, улар бинонинг ички қисмида жойлаштирилади. Аҳоли, жумладан, болалар ўртасида шахсий гигиена одатларини шакллантириш ва унга риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.
Давлат сармояларини бошқариш геопортали маълумотларидан фойдаланган ҳолда умумий ўрта таълим ташкилотларининг санитария-гигиена инфратузилмаларини яхшилаш бўйича манзилли дастур шакллантирилади.
Шунингдек, умумий ўрта таълим ташкилотларини халқаро тажриба асосида сув таъминоти, санитария ва гигиенанинг «Уч юлдузли ёндашув» методикаси асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат дастурида май ойидан «Тоза қўллар» дастури бошланиши белгиланганди. Барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойлари жиҳозланиши, жамоат ҳожатхоналари ва умумий овқатланиш пунктлари совун ҳамда антисептик билан таъминланиши, санитария-гигиена тизимини яхшилаш дастури қабул қилиниши керак эди.
Шунингдек, май ойидан бошлаб барча турдаги жамоат санитария-гигиена шохобчалари ва умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича мажбуриятлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
