Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: ДХХ
НКМК заводининг уч ходими таркибида 1,5 кг олтин бўлган ярим тайёр маҳсулотни завод ичидаги ҳаво тозалаш қувурига яшириб қўйгани аниқланди. Унинг баҳоси 2 млрд 102 млн сўмни ташкил этади. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатидаги заводнинг уч нафар ходими таркибида 1,5 кг олтин бўлган ярим тайёр маҳсулотни яшириб қўйгани аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, НКМКнинг Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-сонли Гидрометаллургия заводидаги 2 нафар смена устаси ва 1 нафар бўлинма аппаратчиси ўзаро тил бириктирган.
Улар талон-торож қилиш мақсадида таркибида кўп миқдорда олтин моддаси мавжуд бўлган оғирлиги 2 кг ярим тайёр маҳсулотни завод ичидаги ҳаво тозалаш қувурига яшириб қўйган. Тезкор тадбирда ушбу шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига нуқта қўйилган.
Тегишли хулосага кўра, мазкур ярим тайёр маҳсулот таркибида жами 1 кг 523 грамм соф олтин борлиги аниқланиб, унинг баҳоси 2 млрд 102 млн сўмни ташкил этади.
Ҳолат юзасидан ушбу ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 169-моддаси 4-қисми «а» (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
