Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»
Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. У таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш, камчиликка йўл қўйган олийгоҳларга тақдимномалар киритиш, сифатни таққослаш учун миллий рейтинг тузиш билан шуғулланади.
Ўзбекистонда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади ва шу соҳада махсус ваколатли орган бўлади, дейилади президентнинг 5 майда қабул қилинган фармонида.
Қайд этилишича, фармоннинг асосий мақсади — таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш механизмларини белгилаш ҳамда кўрсатилаётган таълим хизматлари сифатини ошириш.
Янги агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади.
Бунда комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади. Махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.
Хавфни таҳлил қилиш жараёнида камчиликлар аниқланганда агентлик таълим ташкилотига бу ҳақда тақдимнома киритади ҳамда камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгилайди. Уларни бартараф этиш таълим ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, агентлик таълим ташкилотлари битирувчиларининг замонавий меҳнат бозори талабларига мослигини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади.
Агентлик таълим ташкилотларида таълим-тарбия ва илмий-тадқиқот жараёнлари сифатини қиёсий таққослаш асосида уларнинг миллий рейтингини юритади. У таълим сифатини таъминлаш йўналишида халқаро алоқаларни кенгайтириши, сифатни баҳолаш соҳасидаги халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши ҳамда миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишини таъминлаши ҳам керак.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
