Бу ҳақда EurasiaPluse ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурини бошлаш бўйича фармон имзоланганини айтди. Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби олийгоҳларига тайёрлайди.
Ўзбекистонда салоҳиятли ўқувчилар нуфузли олийгоҳларга тайёрланилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 май кунги видеоселекторда маълум қилди.
Четда ўқиётган ёшларнинг атиги 1 фоизи «Топ-100»даги олийгоҳларга киргани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, «Топ-10» билан «Топ-200»даги таълим нархи бир биридан атиги 15−20 фоизга фарқ қилиши қайд этилди.
«Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади», — деди президент.
Давлат раҳбари «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурини бошлаш ва «Гарвардчилар мактаби»ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтди.
Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда «Топ-10» олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.
Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.
Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби олийгоҳларига тайёрлайди.
Фото: gazeta.uz сайтидан олинди
