Ўзбекистонда салоҳиятли ўқувчилар нуфузли олийгоҳларга тайёрланилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 май кунги видеоселекторда маълум қилди.

Четда ўқиётган ёшларнинг атиги 1 фоизи «Топ-100»даги олийгоҳларга киргани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, «Топ-10» билан «Топ-200»даги таълим нархи бир биридан атиги 15−20 фоизга фарқ қилиши қайд этилди.

«Ёшларимиз жуда иқтидорли. Уларни тизимли йўналтириб, олийгоҳ танлашга кўмаклашиб, мақсадли тайёрлашни йўлга қўйсак бўлди, кўрсаткичларимиз каррасига ошади», — деди президент.

Давлат раҳбари «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастурини бошлаш ва «Гарвардчилар мактаби»ни очиш бўйича катта фармон имзолаганини айтди.

Бу муассаса Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида ташкил этилади. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари саралаб олиниб, халқаро мактабда «Топ-10» олийгоҳларига мақсадли тайёрланади.

Бундан ташқари, Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи умумтаълим мактабларига бириктирилади.

Миллий дастур асосида маслаҳатчилар мактаблардан ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчини танлаб олиб, АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби олийгоҳларига тайёрлайди.