Тошкентдаги Бўрижар каналида чўкаётган қизни қутқариш чоғида ҳалок бўлган эркакнинг ўлими юзасидан прокуратура терговга қадар текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда 20 май куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

«Ушбу воқеада жасорат кўрсатган марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади баёнотда.

17 май куни «Газета.uz» канал бўйида хавфсизлик талаблари бузилган ҳолда сайргоҳ ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида репортаж эълон қилганди. Бу ерда минглаб дарахтлар кесилган, қирғоқ ободонлаштириш ишлари сабаб хавфли бўлиб қолган, тик қияликлар ҳосил қилинган, канал туби бетонлаштирилган.

5 май куни икки қиз сувга тушиб кетганди. Улардан бирини маҳаллий фуқаро қутқариб қолган. 43 ёшли Абдуманноп Самиқов иккинчи қизни қутқаришга шошилган ва чўкиб кетган. Сузишни яхши биладиган эркакнинг сувдан чиқишга имкони йўқ эди — бетонланган қирғоқлар сирпанчиқ бўлиб қолганди. Унинг жасади тахминан 4 км қуйида топилган.