Ўзбекистонда фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божлар ставкалари камайтирилади. Бу ҳақда 26 май кунги маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Президент мебель таннархида импорт хомашё улуши 50−60 фоизни ташкил қилаётганини айтди.

«Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришни сўраган. Миллий маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик бераман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топшириғини берди. Шунингдек, у мебель учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилишини маълум қилди.