Ўзбекистон ва Қозоғистон «Довуд ота» ва «Тажен» назорат-ўтказиш пунктлари (НЎП) орқали чегарани кесиб ўтишга қўйилган чекловларни яна тўрт ойга — 1 сентябргача узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитасига таяниб, «Казинформ» хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиш постни реконструкция қилиш учун 1 февралдан уч ойга тўхтатилганди. Бу жисмоний шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар ва рухсат этилган оғирлиги 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тааллуқлидир.

Ҳозир, Қозоғистон томонининг маълумотларига кўра, ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда: металл конструкцияларни ўрнатиш, муҳандислик тармоқларини ётқизиш, биноларни капитал таъмирлаш.

Ҳаракатнинг янги муддатга чекланиши давом этаётган қурилиш ишлари билан боғлиқ. Бундан ташқари, май ойидан август ойигача «КазАвтоЖол» компанияси «Довуд ота» ҳамда «Тажен» пунктлари ўртасидаги нейтрал полосада автомобиль йўлини ётқизади. Маълум қилинишича, Ўзбекистон томонидан ҳам шундай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Ҳайдовчилардан сафарлар ва йўналишларни режалаштиришда маълумотларни ҳисобга олиш сўралмоқда.